Жамоат - раҳматдир, фирқаларга бўлиниш –залолатдир.

Жамоат - раҳматдир, фирқаларга бўлиниш –залолатдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони
Каримда ўз бандаларини бирдамликка, ҳамкорликка чақирган ва ўзаро
инсонлар ўртасида низо, келишмовчиликлар чиқариб, фирқаларга
бўлинишликдан қайтаради. Бу ҳақида Оли Имрон сурасининг 103-оятида
марҳамат қилиб:
بسم الله الرحمن الرحيم
وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا
Яъни: “Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...” дейди.
Пайғамбаримиз
соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам Видолашув ҳажидаги қилган хутбаларида
мусулмонларни бир-бирлари билан дўсту биродар бўлиб яшашга ундаб, ўзаро
адоват қилмасликка, бир-бирларига қарши қурол кўтармасликка васият
қилганлар.
Агар биз ўзларимизни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу
алайҳи васалламнинг чин уммати деб билсак, Жаноби Пайғамбаримиз
Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларидан, васиятларидан
четга чиқмаслигимиз лозим. Шоядки шунда, У зот соллалоҳу алайҳи
васалламнинг шафоатларидан насибадор бўлсак. Маълумки ҳозирги кунда ҳам,
мўмин-мусулмонларнинг ўртасига кириб, мўмин-мусулмонларнинг
бирдамлигига футур етказадиган, турли фитна, низо, ихтилоф чиқарадиган,
бузғунчи тоифалар, ва фирқаларнинг ақидаларини тарғиб қилувчи айрим
инсонлар, яъни дин душманлари борлиги ачинарли ҳолатдир.
Ана
шундай пайтда биз нима қилишимиз лозим? –деган саволга, - бизнинг
диёрларда ота-боболаримиз қадимдан амал қилиб келаётган Аҳли сунна вал
жамоадаги ақида бўйича Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг тутган
йўллари ва мазҳаби, ва шу билан бирга, фиқҳда, тўрт мўътабар мазҳаб
ичида Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби асосида, бундан
буёғига ҳам барча эътиқодий ва фиқҳий масалаларда чалғимасдан амал
қилишимиз лозим бўлади. Чунки, ҳар биримизда кўпинча эътиқодий ва фиқҳий
савол пайдо бўладиган бўлса, бу икки мазҳаб тутган йўлларини давом
этгизувчи минглаб, етук олимларнинг асарлари орқали шу икки мазҳаб
асосида жавобларни топишимиз мумкин ва осон. Сабаби бу икки мазҳаб,
диёримизда кенг ёйилгандир, ҳатто тўлиқ десак ҳам тўғри бўлади.
Ана
энди бизлар яна Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли
фирқалар, тоифалар кўпайган пайтда, мусулмонларнинг катта жамоасини
лозим тутишни буюрганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг”, деганлар. (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак,
бутун дунё бўйича, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта
жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўлларини,
ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳабни – Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва
Ҳанбалий мазҳабларини маҳкам ушлаганлар. Мана шулар Аҳли сунна вал
жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа
эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас. Юртимизда эса ақидада Имом
Мотуридий фиқҳда эса Ҳанафий мазҳабига амал қилиниб келинган ва ҳозир
ҳам амал қилиняпти. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ
йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ҳидоят йўлидан, ақидада адашишликдан,
турли фирқаларга бўлинишликдан Ўз паноҳида асрасин!
Яқуб Жумамуратов,
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жомеъ
масжиди имом-хатиби