Ёшларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилайлик! Adep.uz

Ёшларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилайлик! Adep.uz
Инсонларга, ёшларимизга, икки турли таҳдид бўлиши мумкин: - Маънавий ва жисмоний таҳдидлардан иборат. Маънавий таҳдид деганда - инсоннинг онгига, қалбига, руҳиятига салбий таъсир қилувчи маълумотлар орқали хавф солувчи таҳдидлар тушунилади. Жисмоний таҳдид деганда албатта- инсоннинг жисмига, баданига, соғлигига хавф солувчи таҳдидлар тушунилади. Бу икки таҳдидлар ҳам инсон учун хавфли, зарар етказувчи таҳдидлардан ҳисобланади. Ана энди бу икки таҳдидни кенгроқ тушунтирсак, жисмоний таҳдид, яъни, - фақат бир инсоннинг жисмига, баданига, айни ўзигагина хавф солади ва бу таҳдиддан сақланиш йўллари осонроқ кечади, касал бўлса, соғлиги бўйича шифокор билан маслаҳатлашиб, даволаниб, Аллоҳ таоло шифосини берса иншааллоҳ тузалади ва бу дарддан халос бўлиши ҳам мумкин. Аммо маънавий таҳдид эса айни бир инсоннинг соғлом эътиқодига, яъни тўғри ишониши лозим бўлган нарсага таъсир қилиб, иймон-эътиқоди, онги, ишончи, бузилиб, ва барча ён атрофдаги инсонлар, ва бутун бир жамиятга ҳам салбий таъсирини ўтказади, ва бу онги бузилган инсон яшаб турган жамиятида фирқаланишни, бузуқликни, ва аҳилликни, бирдамликни кетказиб, парокандалик келтириб чиқаради, ва бу энг хавфли таҳдид бўлиб ҳисобланади. Энди ҳозирги кундаги жамиятимизга хавф солаётган энг кўп маънавий таҳдидлардан бири бу –глобал тармоқлардаги, яъни, интернетдан тўғри фойдаланиб билмаслик ва интернетдан фойдаланишда маънавий иммунитетни шаклланмай туриб, ёшларимизнинг интернетда, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишлигидир. Бу вазиятда қандай йўл тутишимиз керак?- деган саволга, яъни, - ёшларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилишда, ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган ҳар бир соҳа қатори, инсониятга имконият бўлиб турган интернет тармоғидан ҳам тўғри фойдаланиш кераклиги, ва тўғри фойдаланмасликнинг зарарли оқибатлари ҳақида ҳам ўргатиб, замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялашимиз лозим. Интернетдаги, ижтимоий тармоқлардаги беҳуда суҳбатлардан сақланиш, ҳеч ким билмайди қабилида иш тутмаслик, интернетдаги мулоқотларда кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслиги учун интернетдан фойдаланиш одобларига қатъий риоя қилиш кераклигини ҳам ўргатишимиз лозим. Аввало ният тўғри бўлиши керак. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтди: “Албатта амаллар ниятларга кўрадир...””
Кишиларга хат-хабар ёзишда ҳам одоб-ахлоққа риоя қилиш шарт. Уятсиз, беҳуда, ҳаёсиз жумлаларни ёзиб, гуноҳ орттирмаслик лозим. Зеро оғзаки нутқ билан ёзма нутқнинг гуноҳи баробардир. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишлик, ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши керак. Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт топилса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Мусулмон одам ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини, бир зум ҳам унутмаслиги керак. Интернет имкониятларини баъзилар суистемол қилиб, фақат ўз ҳоҳиши орқали ёлғон хабарлар, расмлар, ва видеолавҳаларни тарқатишади. Уларнинг мақсади бирор бир натижага эришиш, мақтаниш ёки эрмак ҳам бўлиши мумкин. Дарҳақиқат зарур эҳтиёж бўлсагина, доимо ҳар бир ишни Аллоҳ таоло кўриб, билиб турганлигини ҳис қилгунича тушунтириб, интернет одобларидан четга чиқмаган ҳолда фойдаланишга рухсат бериш мумкин. Ана шундагина, ёшларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилишда уларга ёрдам қилган бўламиз.
Жумамуратов Яқуб,
Тахиатош тумани
“Муҳаммад Мурод эшон” жоме масжиди имом-хатиби.