Вақтингиздан тўғри фойдаланяпсизми?

Вақтингиздан тўғри фойдаланяпсизми?
Инсон ҳаётидаги вақт нима, ундан қандай фойдаланишимиз керак ва унинг моҳияти нимада деган саволларга ўйлаб, фикр юритиб кўрайлик. Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту соатларини фойдали иш қилишга, юриш туришларини, аҳлоқларини гўзал ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишда доим огоҳ ва сергак эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал бўларди. Айрим ҳикмат аҳли шундай жавоб беради. “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”.Ота-боболаримиз бу ҳикматли сўзга амал қилишган.
Ислом динида барча тоат-ибодатлар ўз тартиби, белгиланган куни ва вақти алоҳида белгилаб қўйилган. Намоз ўқишнинг ўз вақти, рўза тутишнинг маълум кунлари, ҳаж қилишни кўрсатилган мавсуми, закот беришнинг шарт қилинган муддати бўлиши кабилар мусулмон кишини ҳаётда қатъий тартиб ва интизомли бўлишга чорлайди. Вақтнинг яна бир хусусияти агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастамоясидир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши лозимдир.
Абу Барза ал-Асламий р.а. ривоят қилади: Расулуллоҳ с.а.в: “Қиёмат кунида банданинг икки оёғи (қадами) токи у умрини нимага сарфлаганидан, илмига қандай амал қилганидан, молини қаердан топиб нимага сарф қилганидан, ва танасини нималарга дучор қилганидан сўралмай туриб силжимайди”, дедилар. Бу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ҳар бир инсон вақтни қандай қилиб ўтказаётганига эътибор беришлиги, Аллоҳ таоло берган илмига қандай амал қилишлигига, бу дунёда Аллоҳ таоло берган молу давлатини нималарга сарф қилаётганлигига эътибор беришлиги, ва танасини нималарга дучор қилаётганига, таънани ҳаром ишлардан, зино, гиёҳвандлик ва шу каби танага зарар берадиган барча нарсалардан сақламоқлиги, танасининг саломатлилига эътиборли бўлишлиги лозимдир. Ва яна Ислом дини таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби ижтимоий иллатлардан узоқда бўлишимизга, хайрли амалларни қилишга, ҳамда ёшлик, сиҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в. бу ҳақда биз умматларга қандай тавсия берганларига бир диққат қилайлик: Расулуллоҳ с.а.в: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг ”- деганлар.
Жамиятимиздаги барча инсонлар, улар ким ва қандай мавқега эга бўлмасинлар, барчамиз, айниқса, келажагимиз бўлган ёшларимиз, азиз фарзандларимиз олтиндан қиммат вақтидан унумли фойдаланишлик ва уни ғанимат билишиги лозимдир. Бунинг учун ҳар бир киши ҳаётдаги ўз масъулиятини чуқур англаган ҳолда иш тутмоғи зарур бўлади. Шунинг учун ёши улуғ кексаларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандларимиз таълим-тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз уларни ўз вақтларини тўғри, солиҳ, фойдали амаллар қилишга сарфлашини ўргатишимиз керак.
Аллоҳ таолога бедад ҳамду-сано, шукроналар бўлсинки, айниқса, шундай гўзал юртимизга берилган бебаҳо улуғ неъмат тинчлик хотиржамлик замонда, ёшларимизни, улар учун диёримизда илм масканлар эшиклари илм олишлиги учун, касб-ҳунар эгаллаш учун шароитлар яратилиб турганда, вақтни ғанимат билиб, барча диққат эътиборларини чуқур билим олишга ундашимиз лозим бўлади. Чунки, бугунги кунимиз ва порлоқ келажагимиз, ана шундай билимли, салоҳиятли фарзандларимиз қўлидадир.
Инсон ҳаётда ўз олдига маълум бир мақсадни қўйган бўлади, ана шу мақсадга эришишда вақтдан ва ўз имкониятидан ўринли фойдаланишни режага солиши айни муддаодир. Яратган Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик, осойишталик тилаб, Аллоҳ таоло барчамизга инсон учун берилган бебаҳо умр ва олтиндан ҳам қимматли вақтини икки дунё саодатимиз учун фойдали бўлган тоат-ибодатга ва савобли ишларга сарф қилишга, умримизнинг ҳар бир дақиқаси буюк фурсат ва ғанимат эканини доимо эсда тутиб саъю-ҳаракат қилишимизда ёру-мададкор бўлсин, Омин.
Жумамуратов Яқуб
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани
“Муҳаммад Мурод эшон” жомеъ масжиди имом хатиби