Саломлашиш одоби ва аҳамияти

Саломлашиш одоби ва аҳамияти
Ҳақиқатан, ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз “Гапнинг боши- калом, одоб боши- салом” демаган. Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто сизга қаршилик қилиб юрган кишингизнинг ҳузурига “Ассалому алайкум”, (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки (хафа бўлиши) йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломлашишнинг ниҳояси баракотдир”, деганлар.
Хабарларда келишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган-танимаган кишига салом беришдир.
Салом бериш ва унга алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги бир қанча кўрсатмалари бор:
“Аввал салом берилади, кейин калом”(яъни бошқа гап сўзлар).
“Салом бермагунича, бировни таомга чақирманглар”.
“Оила аъзоларингиз ҳузурига, яъни уйингизга салом билан киринг, шунда сизга ҳам, оила аъзоларига ҳам барака ёғилади ”.
“Одамларнинг Яратганга энг яқини бошқаларга энг аввал салом берганидир”.
“Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади”.
“Одамларнинг бир-бирларида олтита ҳақлари бор:
Салом
бериш; чақирса, бориш; маслаҳат сўраса, жавоб қайтариш; аксирганда,
соғлиқ ва шифо тилаш; бемор бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасида
қатнашиш”.
Саломга алик олиш шарт, бордию алик олинмаса, салом берувчига зарари йўқ.
Йўлдан ўтиб бораётган одам кўпчиликдан бир кишига салом берса кифоя қилади, ўтирганлардан бир киши алик олса етади.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос саломлашиш одоби бор. Аммо қуйидагича
шарқона саломлашиш буларнинг энг гўзали ва чуқур маънолисидир: Оқил ва
одобли киши дўстлари ва яқинлари билан учрашганда, одамлар олдидан
ўтаётиб, бирор мажлис ёки жамоат жойига кирганда, “Ассалому алайкум”,
деб салом бериши зарур. Саломни тўлиқ ва маънодор қилиш учун “Ассалому
алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, яъни “Сизга тинчлик-омонлик,
Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин”, дейилади. Алик олиш ҳам саломга
яраша чиройли ва мукаммал бўлиши керак.
Салом бериш Пайғамбар
алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ
таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади. Салом тўлиқ, сўзларни бузмай, одоб
билан берилади, у “салом”, “сомалайкум”(маъноси: сизга ўлим бўлсин),
“салом бердик”, “привет”, “хайрли кун” каби бузуқ шаклларда бўлмаслиги
лозим. Улов (от, эшак, машина кабилар)даги киши- пиёдага, пиёда
кетаётган одам- ўтирганга, озчилик- кўпчиликка, киччиклар- катталарга,
юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедаги одамга биринчи бўлиб салом
беради. Кўпчилик ўтирган жой ёки издиҳом (маърака)га кириб борган киши
бир одамни хосламай ҳаммага салом беради, аммо ўтирганларнинг ичидан
бир киши алик олса кифоя қилади. Салом берилсаю, аммо бирор киши ҳам
алик олмаса, ўтирганларнинг ҳаммаси фарзни тарк қилган гуноҳкорлардан
бўлади. Бошни қимирлатиб, овозсиз, фақат қўлни кўксига қўйиш билангина
салом бериб ҳам, алик олиб ҳам бўлмайди. Салом-алик баралла, эшиттириб
айтилиши керак. Ҳаддан ташқари энгашиб, ерга букилиб салом бериш
одобимизда ман этилгган. Сал озроқ, хиёл эгилиб салом бериш мумкин.
Нотаниш кишиларга, ёш болаларга ҳам салом берилади. Учрашганда қандай
салом берилса, хайрлашаётганда ҳам шундай салом билан ажрашилади. Ҳеч
ким йўқ уйга кирганда ҳам салом берилади. Агар бирор киши биров орқали
сизга салом айтиб юборган бўлса, бунинг жавобини (“Ассалому алайка ва
алайҳи”, деб) дарров қайтаришингиз лозим. Салом мактуб орқали юборилган
бўлса, дилингизда ёки хат орқали ёзма равишда “Ваъалайкум ассалом”
дейилади.
Тахиатош тумани "Муҳаммад Мурод эшон" жомеъ масжиди имом-хатиби Яқуб Жумамуратов