Неъматларга шукр қилсангиз, неъматлар яна ҳам зиёда бўлади!

Неъматларга шукр қилсангиз, неъматлар яна ҳам зиёда бўлади!
Тинчлик ва хотиржамлик энг олий неъмат!
Аллоҳ таоло биз бандаларига Ўзининг беҳисоб, санасак саноғига ета олмайдиган неъматларини берган экан, У ўз навбатида бандаларини ана шу неъматларнинг шукрини адо этиб боришлигимизга буюради. Буюк Роббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, уларнинг шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони Каримнинг Зумар сураси 7-оятида бу ҳақида марҳамат қилиб, яъни: “Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур...” дейилган. Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай мусулмон кишининг одатланишлиги зарур бўлган амалидир. Саид ибн Жубайрдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, у киши: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир”, деганлар. Тафаккур қиладиган бўлсак; -барчамиз кўриб гувоҳи бўлиб турибмизки, юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, ва янада бундан ҳам обод ва фаровон бўлишлиги учун ҳар бир соҳада ислоҳотлар бўлаётганлиги натижасида халқимизнинг турмуш даражаси, шароити яхшиланиб бормоқда. Мустақилликдан олдинги даврларда халқимизнинг бошига тушган қийинчиликлар ва мустақилликдан кейинги ютуқлар, хусусан сўнги беш йил ичида муқаддас ислом динимизга бўлган юксак эҳтиромни кўриб, бу хайрли ишларга ва Аллоҳ таолонинг биз мўмин-мусулмонларга берган чексиз неъматлари учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар, шукроналар айтишимиз лозим. Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, Унинг неъматларининг шукрини адо этишлик, банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳ таолонинг унга берган катта мукофоти ҳамдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар. Аллоҳ таолонинг бизларга берган энг улуғ ва кўп нематларнинг келишига сабабчи бўладиган неъматларидан яна бири ва энг зарури бу она ватанимиз, юртимиз тинчлиги ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган низолар, турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни ана шундай самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳ таолога беадад ҳамд ва шукроналар айтишимиз лозим. Сўнги йилларда Муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти саъй-ҳаракатлари натижасида масжидларни обод этиш, фуқароларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда янги жомеъларни очилиши борасида қилинаётган ишларни алоҳида айтиб ўтишимиз керак. Муқаддас ислом динининг бешинчи фарзи бўлган муборак Ҳаж сафарига юртимиздан қодир бўлиб туриб, бу ибодатни адо қилишга ният қилган фуқаролар учун давлатимиз ғамхўрлиги натижасида ниҳоят даража ҳожилар сони квотаси оширилгани ва улар ибодатларини бекаму-кўст адо этишлари учун яратилган шарт-шароитларни кўриб, ибодатларни адо қилиш асносида фақатгина бундай шарт-шароитларга бош-қош бўлиб турган инсонларга хайрли дуо тилакларни айтади ҳар бир ҳожи. Ва яна юртимизда халқимизнинг ҳам диний, ҳам дунёвий илм олишга берилаётган эътибор, замонавий, яъни замон талабига жавоб берадиган илм даргоҳлари, хусусан диний илмларни чуқур эгаллашлигимиз учун Ҳадис илми, фиқҳ илми, ақида-калом илми, тасаввуф илми мактаблари, Олий ва ўрта махсус ислом билим даргоҳлари, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси, Ислом цвилизацияси маркази фаолият юргизиши ва шундай илм даргоҳларида ёшларимизнинг, илмга ташна бўлган халқимизнинг билим олишлари эса, бу юртимизда муқаддас ислом динимизга бўлган юксак эҳтиром натижасидир.
Дарҳақиқат, бундай неъматлар ичида яшаб, Аллоҳнинг зикри билан ва ҳалол касбу-кору меҳнат билан машғул бўлиб, тоат-ибодатда бардавом бўлмоқ, охират ободлигига сабаб бўлса, берилган неъматларнинг шукрини адо этиб, гуноҳ ишлардан, куфрдан сақланишлик, бу дунё ва охират ободлигига, икки дунё саодатига сабабдир. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни бунданда фаровон айлаб, барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилган ҳолда Ўзининг шукр қилувчи бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин. Омийн.