Миссионерлар найрангларидан эҳтиёт бўлинг!

Миссионерлар найрангларидан эҳтиёт бўлинг!
Миссионерлик ҳақида сўз борар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу сўз лотин тилидаги «missio»- «юбориш», «вазифа топшириш» муайян дин, конфессия, номинация ёки секта вакилларининг ўз дини таълимотини тарғиб қилиш ва тарқатишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Миссионер (missionary) ўзи эътиқод қилувчи диний таълимотни ўзга, бошқа дин вакиллари ичида тарқатиш билан шуғулланувчи шахс ҳисобланади. Миссионерлик одатда миллий динлардан бошқа деярли барча динларда учрайди. Миссионерлик фаолиятини фуқаровий мансублик жиҳатидан ташқи (хорижда амалга ошириладиган) ва ички (мамлакат ичида) турларга ажратиш мумкин. Хусусан, христианликнинг католик ва православ йўналишларида миссионерлик билан руҳонийлар шуғулланса, протестант конфессияларида миссионерлик барча диндорларнинг бурчи ҳисобланади.
Миссинерликнинг узвий қисми бўлган прозелитизм (грекча “proseh/tos”- янги эътиқодни қабул қилган одам)- муайян дин, конфессия, номинация ёки секта вакилларининг ўзга дин вакиллари ёки даҳрийларни бевосита ўз динига киритишга қаратилган назарий ва амалий фаолияти саналади. Иккинчи маънода прозелитизм янги дин ғояларини қабул қилган шахснинг ушбу динга кучли садоқатини англатади. Дастлабки миссионерлар қаторида милоддан аввалги III-асрда Ҳиндистонда подшоҳ Ашока томонидан қўшни мамлакатларга буддавийликни тарғиб қилиш учун юборилган роҳибларни қайд этиш мумкин. Милоднинг илк даврларида миссионерлик кўпроқ Рим католик черкови устувор ўрин тутган Ғарб мамлакатларида кенг ривожлана бошлаган. Таъкидлаш жоизки, миссионерлик, албатта биринчи навбатда черковнинг диний таълимотига монанд евангеллаштириш ва католик динини ёйишга қаратилган бўлса-да, ушбу фаолият сиёсий мақсадлар- мустамлакалаштириш ва ўзлаштиришда ҳам кенг кўламда фойдаланилган. Миссионерлик фаолияти тарихи ҳақида юқоридаги айтилган мисоллардан яна кўп мисоллар келтиришимиз мумкин. Ачинарлиси, бугунги кунда юртимизда ҳам айрим ноисломий диний конфессия, норасмий жамоа аъзолари томонидан миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолати кузатилганлиги қайд этилган.
Миссионерлар, кўпинча ҳали онги тўлиқ шаклланмаган ёшларга, ўз динини яхши билмайдиган инсонларга, ҳар турли йўллар билан давлат рўйхатидан ўтказилмаган буклет, журнал, электрон дискларни тарқатиш каби аҳоли ичида ўзларининг диний қарашларини тарғиб қилиш, ўзларининг эътиқодларини сингдиришга уринади. Бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, ҳеч нарсадан тап тортмай фаолиятларини кучайтиришмоқда. Мақсади- одамларни чалғитиб ўз динидан узоқлаштиришдир, бир динга эътиқод қиладиган халқлар орасига фитна солиш, уларни пароканда қилиш, ватанга муҳаббат, элу-юртга садоқат туйғуларини йўқотишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ва бошқалар ривояти). Ва яна бошқа бир ҳадисда:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти). Демак, инсон зоти муқаддас ислом динидан, эътиқодидан адашмаслиги учун ҳар бир нарсага эътиборли бўлиши кераклиги, бепарволик, лоқайдлик қилмаслиги лозим. Ҳозирги кунда ҳам шундай фитналардан халқимиз, мусулмонларимиз ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари, ўз яқинларининг қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. Аллоҳ таоло барчаларимизни охирзамон фитналаридан паноҳида асрасин, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин, иймонимизни мустаҳкам қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи дин бўлишига рози бўлган ҳақ дини яъни ислом динини барчаларимизга доимий неъмат бўлишини насиб қилсин. Омийн!
Яқуб Жумамуратов,
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жомеъ масжиди имом-хатиби
Манбалар (Ўткир Ҳасанбоевнинг Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: ... китоби асосида) тайёрланди.