ДЕҲҚОНЧИЛИКНИНГ ЮРТИМИЗ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ

ДЕҲҚОНЧИЛИКНИНГ ЮРТИМИЗ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ
Ризқу-рўзимиз сабабчиси ҳисобланган деҳқончилик улуғ ва фазилатли амалдир. Баҳор келиши билан бобо деҳқонларимиз кетмонларини кўтариб далаларга чиқишади. Ерга меҳр билан қарашади, кўчатлару ниҳоллар экишади. Боғу роғлар яратишади.
Улуғ араб олими Мовардий: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган: деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандлик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”,-деганлар. Бобомиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “қалбинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”,-деганлар. Шунингдек, деҳқончилик қилиш фақат ризқ топиш воситасигина эмас, балки кўпгина хайриятларнинг, яхшиликларнинг сабабчиси ҳамдир. Дастурхонларимиз доим тўкис бўлишида деҳқонларимизнинг ҳиссалари беқиёс, албатта. Шу тўкислик ортидан тинч-тотувлигимиз, хотиржамлигимиз янада чиройли суратга киради. Бундан ташқари, деҳқончилик маҳсулотлари экилган даврдан бошлаб ҳаводаги карбанад ангдрид газини ютиб, кислород чиқаради. Натижада, ҳаводаги ифлосланишнинг олди олинади ёки камайтиради. Бу ҳозирги кунда ўта глобал ва долзарб мавзуга айланиб бораётган экологик муаммоларнинг ечими қаерда эканлигини аниқ кўрсатиб бера олади. Яъни, деҳқончилик ерлари, кўкаламзор ерлар, ўрмонлар қанча кўп бўлса, об-ҳавомизнинг тозалиги шунча тез яхшиланади.
Ислом динида ҳам деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига аълоҳида эътибор қаратилган. Ҳадиси шарифларда: “Касбларнинг энг яхшиси ер ҳайдаш, яъни деҳқончилик ва чорвачиликдир”, дейилади.
Яна бир ҳадиси шарифда: “Қўлингда бир кўчат бўлса, гарчи қиёмат қоим бўлса ҳам шу кўчатни эк”, дейилган.
Бугунги кунда юртимизда деҳқончилик замонавий таъбир билан айтганда
“кичик бизнес” ,”тадбиркорлик” каби атамалар билан ҳам аталмоқда. Ҳақиқатда, ҳозир деҳқонлар нафақат экиш ва йиғиб олиш, балки чет элларга экспорт қилиш билан ҳам шуғилланмоқдалар. Ёки кичикроқ бўлсада корхона, завод ёки фабрикалар очишиб, мева ва сабзавотларни консерва қилшмоқдалар. Нонвойхоналарда элимиз дастурхонини ширмой нон ила безамоқдалар. Эътибор қаратсангиз, ҳаётимизнинг бугунги кундагидек гўзал ва фаровон бўлишида миришкор, тиниб-тинчимас деҳқонларимизнинг ҳам ўринлари беқиёс эканлигини кўрасиз. Деҳқончилик ривожланиб боргани сари дастурхонларимиз янада тўкин, ҳаётимиз эса бунданда осуда ва чиройли бўлиб бораверади. Келаётган экин мавсумида эса деҳқонларимиз баракали ва самарали ҳосил учун уруғ ташлашларига тилакдошмиз!
Атажан Абдикаримов
Тахиатош тумани "Катманчи бобо"
жомеъ масжиди имом-хатиби